Муаммо

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда мамлакатимизда содир бўлган “ўзича судлаш” ҳолатлари ҳақида хабарлар кўпайди.

“Ўзича судлаш” – бу  ҳуқуқбузарлик содир этган ёки ҳуқуқбузарлик содир этишда гумон қилинган шахс ҳақида тегишли давлат органига хабар қилмасдан, уни ўзбошимчалик билан қонунга хилоф равишда жазолашдир.

Қонун бўйича

Қонунларимиз “ўзича судлаш”ни тақиқлайди.

Авваламбор, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги белгилаб қўйилган. Яъни, тегишли суднинг қарорисиз бировни айбдор ҳисоблаш ҳам, жазолаш ҳам мумкин эмас. 

Бундан ташқари, “ўзича судлаш”, яъни қонун тили билан айтганда “ўзбошимчалик” Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 200-моддаси ва Жиноят кодексининг 229-моддасига мувофиқ, фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларига, давлат манфаатлари ёки жамоат манфаатларига жиддий зарар ёки зиён келтирмаган ҳолда содир этилса, энг кам иш ҳақининг уч бараваригача миқдорда жарима билан, фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Шунингдек, “ўзича судлаш” кўпинча жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилади ва Жиноят кодексининг 277-моддасига мувофиқ “безорилик” деб баҳоланиб, беш йилгача озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо билан жазоланади.

Лекин, бу ҳаммаси эмас.

Ўзича судлаш оқибатларидан келиб чиқиб, жазо янада оғирлашиши мумкин. Масалан, ўзича судлаш оқибатида кимдир ўлдириб қўйилса, унда қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш (жазоси – 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишгача), тан жароҳати етказилса қасддан баданга шикаст етказиш (жазоси – 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд
3 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача), агар ўзича судлаш хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга нисбатан амалга оширилса унда ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш (жазоси – 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан
5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача) деб баҳоланиши ва айбдор шахслар ана шу жиноятлар учун белгиланган жазога тортилиши мумкин.

Яна шундай мураккаб ҳолатлар борки, уларни ҳуқуқшунос бўлмаган одам бошига тушмагунча билмайди. Масалан, оддий қарз олди-бердиси билан боғлиқ можароларни мисол келтириш мумкин. Биламизки, қарзни ёки унинг фоизини қайтариб олиш учун қарз берувчи кўп нарсага тайёр бўлади ва айрим ҳолларда иш “ўзича судлаш”гача етиб боради. Шу ўринда, қарз берган, лекин қайтариб ололмаётган фуқароларимиз шуни билиб қўйишлари керакки, қарздордан қарзни талаб қилишда қарздорга кандайдир шаклда куч ишлатиш, агар қарздорни соғлиғига зарар етмаган бўлса, ўзбошимчалик (ЖКнинг 229-моддаси) тариқасида баҳоланади. Қарздор ва қарз берувчи ўртасида фоизлар тўлаш бўйича олдиндан келишув бўлмаган бўлса, берилган қарз учун фоиз талаб қилиш товламачилик жинояти таркибини ташкил қилади (Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 11-сонли  қарори).

Хулоса

Ҳуқуқбузарларни аниқлаш ва жазолашни исталган одам амалга ошириб кетаверишга ҳаққи йўқ. Бунинг учун тегишли давлат органлари бор.

 Шунинг учун, бирор шахсни ноқонуний ҳаракати учун жазоламоқчи бўлган одам ички ишлар, миллий гвардия, прокуратура ва бошқа давлат органларига мурожаат қилиши керак.

Тўғри, Жиноят кодексининг 39-моддасига мувофиқ, ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ҳокимият органларига топшириш мақсадида ушлаш вақтида унга зарар етказиш, агар уни ушлаш учун зарур бўлган чораларнинг чегарасидан четга чиқилмаган бўлса, жиноят деб топилмайди. Бунда махсус ваколатли шахслар билан бир қаторда жабрланувчи ва бошқа фуқаролар ҳам ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Лекин, ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш чегарасидан ўтган ёки унга нисбатан ўзича “ўзича судлаш”ни амалга оширганлар шахсларнинг ўзлари ҳам судланишлари аниқ.

Фақат улар қонуний тартибда судланадилар ва жазоланадилар!