Жорий йилнинг 11-13 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги Ф-5464-сонли “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойиши ижроси юзасидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш мақсадида Францияга хизмат сафари ташкил этилди.

+

3 кун давомида Франция Республикаси Адлия вазирлиги, Париж Пантеон Ассас университети қошидаги Қиёсий ҳуқуқ институти, Континентал ҳуқуқни ўрганиш институти, Кассация суди ҳамда Судъялар ва прокурорлар тайёрлаш миллий мактаби ҳамда бошқа ташкилотларда Фуқаролик кодексининг умумий қоидалари, мажбурият ҳуқуқи, ашёвий ҳуқуқ, юридик шахслар, қимматли қоғозлар, халқаро хусусий ҳуқуқ, оила ва мерос ҳуқуқи, интеллектуал мулк ҳуқуқи йўналишлари билан боғлиқ муҳокамалар ташкил этилди.

Жумладан, ташрифнинг биринчи куни (11 декабрь) Пантеон Ассас университети қошидаги Қиёсий ҳуқуқ институтида Франциянинг таниқли цивилисти профессор Бенедикте Фаурак-Коссон, Европа қимматли қоғозлар бозори органининг масъул ходими Луи Суайр, ҳусусий ҳуқуқ ва қимматли коғозлар бўйича профессор Антуан Тузаин, шартнома ҳуқуқи бўйича эксперт Максим Кормьелар билан савол-жавоб шаклида ўтган давра суҳбатида Франция фуқаролик қонунчилиги бўйича тажрибаси ўрганилди.

+

Ташрифнинг иккинчи кунининг (12 декабрь) биринчи ярмида Франция Адлия вазирлигининг фуқаролик ишлари бўйича бошқарма бошлиғи Монсиер Жан-Франкотс де Монтгольфиер, Мажбурият ҳуқуқи бўлим бошлиғи Клотильда Беллино, фуқаролик процесси ва арбитраж бўйича эксперт Леа Галиардлар иштирокидаги учрашувда Франциянинг Фуқаролик кодекси қабул қилинган (1804 йил)дан бери олиб борилган фуқаролик қонунчилигини ислоҳ қилиш босқичлари ўрганилди. Хусусан, 2016 йилда Франция Фуқаролик кодексига киритилган ўзгаришлар натижалари таҳлил қилинди. Куннинг иккинчи ярмида Континентал ҳуқуқни ўрганиш институтида тадбиркорлик ва ҳусусий ҳуқуқ сохасидаги мутахассис профессор Ромен Боффа ҳамда институт директори Анн-Шарлотта Грос иштирокида давра суҳбати ташкил қилинди. Институтга ташриф буюрган ишчи гуруҳ аъзолари томонидан юридик шахслар, интеллектуал мулк, шартнома ҳуқуқи бўйича Франция тажрибаси батафсил ўрганилди. Шу билан бирга, Франция Континентал ҳуқуқни ўрганиш институти билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ўртасида ҳуқуқий тадқиқотлар, қадрлар малакасини ошириш, ўқув тренинглар бўйича ҳамкорлик қилиш масалалари ҳам муҳокама этилди.

Ташрифнинг сўнгги кунининг (13 декабрь) биринчи ярмида Франциянинг Кассация судида Патрик Матет ва Сильвен Пойллот-Перуззеттолар иштирокидаги учрашувда фукаролик ишлари бўйича Кассация судининг ўрни ва амалиёти ҳақида Франция тажрибаси ўрганилди. Бундан ташқари, «Герберт Смит Фрихиллс Париж» адвокатлик компанияси адвокати Артем Солошенков билан бўлиб ўткан учрашувда Францияда давлат корхоналаринг юридик мақоми, уларга бериладиган бошқарув ва мулк ҳуқуқи шакллари ҳақида тажриба алмашилди. Куннинг иккинчи ярмида ишчи гурух аъзолари Судьялар ва прокурорларни тайёрлаш миллий мактабининг Халқаро бўлим бошлиғи Лейла Бронкард, Хақаро бўлим масъул ходими Тания Йевзуклар билан учрашув чоғида Франциянинг судьялар ва прокурорларни тайёрлаш тажрибаси, жумладан фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича судьяларни ўқитиш услублари юзасидан тажрибаси ўрганилди. Бундан ташқари, халқаро хусусий ҳуқуқ эксперти ҳамда халқаро хусусий ҳуқуқ нормалари кодификацияси лойиҳаси гуруҳ раҳбари, Кассация судлар палатаси фаҳрий раиси Жан-Пьер Ансель Францияда халқаро хусусий ҳуқуқи Кодекси лойиҳаси билан таништирди ва ушбу лойиҳа юзасидан ўз тажрибаси билан ўртоқлашди. Францияда уч кун давомида бўлиб ўтган муҳокамалар натижасида ишчи гуруҳ томонидан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси доирасида белгиланган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш йўналишлари ва усуллари белгилаб олинди.

+

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари ва хорижий экспертлар билан келгусида фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш доирасида ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди. Шу билан бирга, ташриф чоғида барча ташкилотларга, экспертларга 2020 йил 23-25 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган "Таshkent Law Sring” II Халқаро юридик форуми ҳақида маълумот берилди. Ташриф Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва АҚШ Халқаро Ривожланиш Агентлиги (USAID) ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.