Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Қарори

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 13 апрелдаги ПФ-5415-сон Фармонини бажариш, шунингдек, норма ижодкорлиги фаолиятини илмий-услубий таъминлашнинг сифати ва самарадорлигини ошириш, ҳуқуқий сиёсатнинг долзарб масалалари бўйича илмий тадқиқотларни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 13 апрелдаги ПФ-5415-сон Фармонига мувофиқ Тошкент давлат юридик университетининг Ҳуқуқий тадқиқотлар маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти (кейинги ўринларда Тадқиқот институти деб аталади) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
  2. Белгилансинки, Тадқиқот институти:
    • ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга ошириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, адлия органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида республиканинг етакчи давлат илмий-тадқиқот эксперт муассасаси ҳисобланади;
    • юридик шахс ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ҳисобрақамларга, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган муҳрга эга бўлади.
  3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтининг бошқарув ходимлари чекланган умумий сони 20 кишидан иборат бўлган тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  4. Белгилансинки:
    • Тадқиқот институтига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади;
    • Тадқиқот институти ходимларига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг марказий аппарати ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади;
    • Тадқиқот институти ходимларига қонунчиликда белгиланган тартибда даражали унвонлар берилади, даражали унвонлар ва узоқ йиллик хизмати учун устамалар ва қўшимча тўловлар тўланади;
    • Тадқиқот институти ходимларига аввалги иш жойида узоқ йиллик хизмати учун берилган устама ва қўшимча тўловлар, махсус ва даражали унвонлар сақлаб қолинади.
  5. Қуйидагилар Тадқиқот институти фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
    • Тадқиқот институтининг жорий таъминотига ажратиладиган бюджет маблағлари;
    • бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
    • Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;
    • халқаро молия институтлари ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари;
    • тадқиқотлар ўтказишдан ва шартнома асосида ишларни бажариш (хизмат кўрсатиш)дан тушадиган маблағлар;
    • қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
  6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда белгиланган тартибда:
    • Тадқиқот институти уставининг ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини, шунингдек, унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини;
    • Тадқиқот институтининг штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқланишини таъминласин;
    • Тадқиқот институтини юқори малакали кадрлар билан тўлдириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширсин.
  7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Тадқиқот институтига:
    • Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг харажатлари параметрларида унинг таъминоти учун 2018 йилда зарур бўлган бюджет маблағларини ажратсин ва кейинчалик эса ҳар йили маблағ ажратишни назарда тутсин;
    • иккита енгил, шу жумладан битта бириктирилган хизмат автотранспорти воситасини сақлаш учун лимит ажратсин.
  8. Тадқиқот институти:
    • Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси, Олий судининг статистика ахбороти;
    • хорижий матбуот шарҳлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар марказининг таҳлилий ахборотлари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг таҳлилий материаллари мажбурий тарзда юбориладиган ташкилотлар рўйхатига киритилсин.
  9. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Тадқиқот институтининг буюртманомасига кўра уни белгиланган тартибда зарур бўлган алоқа турлари ва воситалари билан таъминласин, шунингдек кенг қамровли Интернет тармоғидан фойдаланиш имкониятини яратиб берсин.
  10. Тадқиқот институтига Тошкент шаҳар, Буюк ипак йўли кўчаси, 69-уй манзилида жойлашган бино оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилсин.
  11. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 апрелдаги 193-ф-сон фармойиши ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
  12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
  13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,
2018 йил 11 июнь,
442-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 11 июндаги 442-сон қарорига
ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
ТУЗИЛМАСИ

http://lex.uz/files/4397830

Бошқарув ходимларнинг умумий чекланган сони — 20 бирлик.