Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти илмий тадқиқотларни халқаро меъёрлар даражасига кўтариш мақсадида хорижий давлатларнинг ҳуқуқ университетлари, илмий тадқиқот институтлари, марказлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

2019 йил якунлари сарҳисоби бўйича Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти билан бир қатор хорижий ҳуқуқий илмий тадқиқот институтлари ва марказлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Хусусан, Беларус Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий тадқиқотлар миллий маркази, Польша Фанлар Академиясининг Ҳуқуқий тадқиқотлар институти ва Россия Халқаро қиёсий-ҳуқуқий тадқиқотлар маркази билан ҳамкорлик ўрнатилди.

+

Жорий йилнинг августь ойида Беларус Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий тадқиқотлар миллий маркази билан ходимлар малакасини ошириш, илмий даражалар бериш, тадқиқот ўтказиш методикаси йўналишида тажриба алмашиш юзасидан имзоланган меморандум асосида Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтининг масъул ходими Минск шаҳридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий тадқиқотлар миллий марказига бориб малака ошириб қайтди.

Жорий йилнинг декабрь ойида Польша республикасига Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтининг бир гурурҳ ходимлари фуқаролик қонунчилиги юзасидан хорижий тажриба ўрганиш мақсадида ташриф буюришган эди. Ташриф мобайнида Польша Фанлар Академиясининг Ҳуқуқий тадқиқотлар институти фаолияти ҳам ўрганилиб, олиб борилаётган тадқиқотлар, амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан тажриба алмашилди. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ҳамда Польша Фанлар Академиясининг Ҳуқуқий тадқиқотлар институти ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида меморандум имзоланди.

Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш доирасида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари жорий йилнинг 23-25 декабрь кунлари Россия Федерациясига қилган хизмат сафари мобайнида Москва шаҳридаги Халқаро қиёсий-ҳуқуқий тадқиқотлар марказига ташриф буюришди. Ишчи гуруҳ томонидан Халқаро қиёсий-ҳуқуқий тадқиқотлар маркази фаолияти билан танишилди, қонунчилик доирасида олиб борилаётган тадқиқотлар юзасидан тажриба алмашилди.

+

Ҳамкорлик йўналишлари доирасида Россия Халқаро қиёсий-ҳуқуқий тадқиқотлар маркази ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ўртасида меморандум имзоланди.

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан амалга оширилаётган тадқиқотлар натижасида 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилди. Аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича 140 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди, бу кўрсаткич 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробарга ошди.